Самарқанд шаҳрида “Туризм ва таълим: тараққиёт ва ўзаро таъсир йўллари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Анжуманда Ўзбекистоннинг туризм соҳаси учун дунё стандартларига жавоб берувчи кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ягона кўп босқичли тизимини ташкил қилиш борасида илмий-услубий ва амалий тажрибалар алмашиш учун халқаро платформа яратиш, шунингдек, бизнес ва таълимнинг ўзаро таъсир механизмини мукаммаллаштириш борасида илмий-амалий тавсияларни ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
— Сўнгги йилларда жаҳон туризм бозори барқарор ўсиш суръатини намойиш этиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва ишчи ўринлар билан таъминлашнинг асосий секторига айланмоқда, — дейди “Ипак йўли” туризм халқаро университети Илмий ва инновациялар бўйича проректор М. Алимова. — Туризм соҳаси улушига жаҳон савдо хизматларининг 30%, инвестицияларининг 7%га яқини ва жаҳон ЯИМ 10,5% тўғри келади. Шу ўринда, ҳар бешинчи янги иш ўрни туризм соҳасига тўғри келмоқда. Жаҳоннинг 38% мамлакатида туризм давлат бюджетининг асосий манбаи, 83%да эса бешта асосий манбанинг бири ҳисобланади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш институти ҳамда “Ипак йўли” туризм халқаро университети ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Сингапур, Мўғулистон, Босния ва Герцеговина, Покистон, Португалия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Россия, Саудия Арабистони, Кувайт, Польша, Қирғизистондан етакчи мутахассис ва олимлар, маҳаллий туризм компаниялар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Анжуман доирасида университетлараро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.