Seshanba, 03 Dekabr 2019 12:14

Ҳарвард қандай ном қозонган? Мамлакатларни оёққа турғизган университетлар ҳақида Азамат Акбаров билан суҳбат

2018 йилда Ўзбекистондаги олийгоҳлар сони яна биттага кўпайди. Самарқандда мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш вазифаси қўйилган «Ипак йўли» туризм халқаро университети очилди. Бу университет айни дамда таълим тўлиқ инглиз тилида амалга ошириладиган илк олийгоҳ ҳисобланади. Жанубий Корея таълим системасида ишлаб ном қозонган Азамат Акбаров айни дамда туризм университетининг проректори вазифасида ишлаб келади. Янги университет фаолиятини оёққа турғизишда жонбозлик кўрсатаётган мутахассис вақт ажратиб, бизнинг саволларимизга жавоб берди.

«Таълим мамлакатнинг «юмшоқ куч»ига айланиши керак»

Суҳбатимиз аввалида Азамат Акбаров мамлакатдаги илк халқаро мақомини олган давлат университетида ишлаётганидан фахрланишини айтиб, олийгоҳ қайси йўлдан бориши ҳақида гапирди:

«Университетимиз очилиши ҳақида Циньдаодаги ШҲТ саммити вақтида президентимиз Шавкат Мирзиёев эълон қилганлар. Давлат олийгоҳлари ичида фақат бизга халқаро статуси берилди. Бизда халқаро олийгоҳларнинг филиаллари бор ва биз ўша халқаро университетларга рақобатчи миллий-халқаро олийгоҳга айланишимиз лозим. Халқаро университет Ўзбекистоннинг «юмшоқ куч»ига (soft power) айланиши керак. «Юмшоқ куч» ҳам аслида машина, мева-сабзавот каби Ўзбекистон четга экспорт қиладиган маҳсулот. Бизнинг вазифамиз таълим орқали мамлакатни дунёга танитиш.

Университетимиз 2019/20 йилларда тўлиқ инглиз тилида дарс бериладиган тизимга ўтди. Бундай тажриба давлат университетлари орасида биринчи бўлиб бизда амалга оширилди. Бундан ташқари биз «Балонья тизими»га ўтдик. Яъни кредит-модуль тизимига. Бу тизим биринчидан, университетнинг халқаролашувига ёрдам беради. Иккинчидан, Европа, Жанубий Корея, Япониядаги кучли олийгоҳлар билан талаба алмашиш имконини оширади (яъни ўқишни бошқа олийгоҳга кўчириш).

Бу тизимда талаба белгиланган миқдордаги «кредит» олиши керак. Масалан, бизда 240 «кредит» олиш мажбурий ва талаба буни хоҳласа 4 йилда, хоҳласа 5 йилда олиши мумкин. Бу талабага эркинлик туғдиради. Айтайлик, талаба ўқиш билан биргаликда бирор ерда ишлаши мумкин. Агар у белгиланган «кредит»ни олишни ишлаб ҳам эпласа, марҳамат, бемалол ишласин. Биз талабанинг ўз соҳаси бўйича ишлашини фақат олқишлаймиз. Талаба бу семестрда ололмаган «кредит»ларининг ўрнини кейинги семестрда тўлдириб қўйиши мумкин. Яъни, талаба ўз ўқув режасини ўзи туза олади.

Нега баъзи талабалар чет элдаги олийгоҳларда биринчи семестрдаёқ ўқишдан ҳайдалиб кетади? Чунки у керакли дарсларни қайтадан ўқишга улгурмайди. Ваҳоланки улар маҳаллий олийгоҳларда талаб қилинган фанларни ўқиган, аммо бунинг исботи бўлмаган. Кредит-модуль тизимида эса мана шундай муаммо бўлмайди».

«Ортиқча фанлар коррупцияни келтириб чиқаради»

Мутахассис бугун маҳаллий олийгоҳларда ҳаддан ташқари кўп фан ўқитилишини, бундай ортиқча юкламалар талабага оғирлик қилишини айтди. Акбаровнинг фикрича, талабалар ўз мутахассислиги бўйича фанларни ўзлаштиришга асосий эътиборини қаратиши керак:

«Бизда ҳозирда бир семестрда 5 та фан ўқитилади. Баъзи олийгоҳларда эса талабалар ярим ўқув мавсумида 10-12 та фанни ўзлаштиришга мажбур. Таълим инқилоби рўй бераётган рақамли дунёда нега талаба бунчалик кўп фан ўқиши керак?

Нега 10 та эмас, 5 та фан дейишингиз мумкин. Буни оддий тушунтириш мумкин: айтайлик, талаба битта фанни ўзлаштириши учун керак бўлган 500 саҳифали китобни ўқиш учун 150 соат вақт сарфлайди. Чунки таҳлилларга кўра, талаба 1 соатда 5-6 саҳифа маълумотни ўзлаштира олади. Яна фараз қилайлик, талаба 10 саҳифалик мустақил иш ёзиш учун қўшимча 1 000 саҳифа маълумот ўқиши керак. Бунга 300 соат кетади.

Энди умумий 450 соатни 24 га бўлсак, 18 сутка бўлади. 18 суткани 12 га кўпайтиринг (агар 12 та фан ўқитилса). 220 сутка бўляпти. Ахир бир семестрда 120 сутка бор-ку?! Савол: нега биз талабага имконсиз вазифа юклашимиз керак? Шундай бўлган тақдирда талаба барча фанларга тайёрланиш имконсиз эканини кўради ва 3-4 та фандан тайёрланиб, қолганларига «тўғри бўлмаган» муқобил йўлларни қидира бошлайди. Шунинг учун бугун таълимда коррупция муаммоси жиддийлашиб кетган.

Мен талабалик вақтимда 120 дан ортиқ фан ўқиганман. Аммо кейинчалик фаолиятимда бу фанларнинг 1-2 тасидангина фойдаландим деб айта оламан. Ўзимиз талаба бўлган вақтимизда кўп фанларнинг қийинчилик туғдиришини билган ҳолда қўл остимиздаги талабаларни «ўққа тутишимиз» керак эмас. Ҳеч бир фанни кераксиз деб бўлмайди, лекин қандайдир йўналиш учун баъзи фанлар керак бўлмаслиги нормал ҳолат. Биз талабаларнинг хотирасини ривожлантиришга эмас, уларнинг ижодкорлик қобилиятини оширишга эътибор беришимиз керак».

«Илмнинг асосий манбаи — интернет»

Азамат Акбаров замонавий дунёда билимнинг асосий манбаси интернет эканини айтди. Унинг фикрича, 90 йиллардаги каби илм манбаи фақат профессорлар деб ўйлаш керак эмас:

«Талаба ҳамма билимни олийгоҳдан олиши керак деган тушунча хато. У кутубхонадан, амалиётдан, китоблардан ҳам билим олиши мумкин. Бизни ўраб турган олам билимга асосланган асримизда билим олишнинг ягона йўли университетда ўқиш деб ўйламаслик керак. 90 йилларда билимнинг ягона манбаси айтайлик, қайсидир профессор деб қаралган. Фаннинг ягона нусхадаги дарслиги унинг хонасида сақланар ва юзлаб талабалар ўша китоб учун навбат кутарди (кулади). Бугун эса билимнинг асосий манбаи — интернет. Бугунги талабада доим интернет бор ва у дарс вақтида хато маълумот берсангиз, ўша заҳотиёқ буни билиб олади.

Биз талабани билимнинг манбасини топишга ўргатишимиз керак. Юқорида айтганим «Болонья тизими»га кўра ўқитувчига берилган дарслик билан талаба ҳам таъминланиши керак. Бундан ташқари педагог қўшимча тавсия қилинган манбалар, онлайн ресурслар билан талабани таништириши шарт. Ўз фанига оид конференция, тадқиқотлар, янгиликлар билан ҳам талабани ўқитувчи бохабар қилиши керак».

«Урушдан сўнг харобага айланган мамлакатлар сифатли таълим сабаб бугун қудратли давлат бўлди»

«Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Жанубий Корея, Япония, Германия каби мамлакатлар вайронага айланганди. Аммо улар ҳозир дунёнинг энг кучли 10 давлати қаторида туришади. Уларнинг 40 йил ичида бундай қудратли давлатга айлангани нима билан боғлиқ? Албатта, таълим билан. Жанубий Кореяда ер ости бойликлари йўқ, аммо улар ўз имкониятларидан тўғри фойдаланди. Масалан, кемасозликда корейслар тенгсиз. Бу мамлакатлар аввало университетларни оёққа турғизишди, кейинроқ эса университетлар мамлакатларни оёққа турғизди».

4 авлод университетлари: биз биринчи босқичдамиз

Суҳбатдошимиз университетларни 4 та авлодга бўлиш мумкинлигини айтиш асносида биз ҳали биринчи босқичда эканимиз ҳақида ачиниш билан гапирди:

«Университетларни шартли равишда 4 та авлодга бўлиш мумкин. Биринчи авлод бу анъанавий услубдаги олийгоҳлар. Афсуски, биздаги аксар университетлар мана шу тоифада. Яъни, бизда фақат назарий билим бериш одат тусига кирган. Ўқитувчи дарсга тайёрланади, лекцияни ўқийди, тажриба эса йўқ. Баъзи ўқитувчилар 30-40 йил аввалги дарсликлардан фойдаланади. Нима, бу йилларда фан ривожланмадими? Биз визуал ресурслардан фойдаланмай методологияни ривожлантира олмаймиз.

Иккинчи авлод бу фанга асосланган университетлар. Жанубий Корея ва Японияни айнан мана шундай университетлар ривожлантирган. Samsung, LG каби компаниялар университетлар билан ҳамкорликда ривожланди. Яъни, бирор университет бу корхоналарнинг бутун бошли лойиҳаларини амалга ошириб беради ва бу учун катта пул олади. Ҳам талаба тажриба орттиради, ҳам университет пул топади. Уларда бир профессор йилига 30-40 миллион доллар топиши мумкин. Натижада у бутун дунёдан ўзи хоҳлаган докторантларни қабул қилиб, лойиҳаларини амалга ошира олади. Бундай профессорларнинг йиллик бюджети биздаги бутун бошли университетларнинг бюджетидан каттароқ.

Учинчи авлод бу тадбиркорлик руҳидаги университетлар. Бундай олийгоҳлар АҚШ ва Канадада кенг тарқалган. Google, WhatsApp каби лойиҳалар айнан мана шундай тоифадаги университетлар талабалари томонидан амалга оширилган. Массачусетс университети ҳар йили 50-60 талаба миллионлаб долларлик стартап лойиҳасига эга бўлган ҳолда тамомлайди. Facebook, Microsoft каби йирик корхоналар ҳам стартапдан бошланган. Бундай лойиҳаларни «гараждаги ғоялар» деб аташади. Яъни, 3-4 дўст лойиҳа учун жой тополмай уни гаражда амалга оширишади. Энди тасаввур қилинг, биз қаерда-ю, дунёнинг илғор университетлари қаерда...

Тўртинчи авлод бу ментор услубидаги университетлар. Бизнинг вазифамиз қисқа муддатда биринчи авлод университетидан тўртинчи авлод университетига айланиш. Бу учун кўзбўямачиликдан қочиб, чинакамига ишлашимиз керак. Фақат қоғозларда машҳур, амалда эса қолоқ бўлиб қоладиган университет бўлиш керак эмас. Мен мана шу вазифани уддалаш учун ҳаракат қиламан. Бу учун Жанубий Кореядаги қулай шароитларни ташлаб келдим ахир».

«Талабадан шунчаки ишчи сифатида фойдаланмаслик керак»

«Талабаларнинг ўқиш вақтида ўз мутахассислиги бўйича ишлаши жуда яхши нарса. Буни Германия методи дейишади. Германияда талабалар учинчи курсдаёқ ўз мутахассислиги бўйича ширкатларда кўнгилли сифатида ишлайди. Улар керак бўлса бепул ишлашади. Бизда ҳам шундай бўлишини жуда хоҳлайман. Бир нечта сайёҳлик ширкатлари билан бу борада гаплашдим. Уларга талабалардан шунчаки ишчи сифатида фойдаланмаслик кераклигини, уларнинг интеллектини тўғри йўналтириш фойдалироқ бўлишини айтдим. Биз биринчи ва иккинчи курс талабаларининг 30% баҳосини амалиётдан олишини белгилаганмиз. Кейинги курсларда бу кўрсаткич 50 фоизга етади».

Ҳарвард қандай ном қозонган? Катта университетлар қандай «ўзини боқади»?

Дунёнинг кўплаб университетларида бўлиб тажриба орттирган суҳбатдошимиздан Ҳарвард, Оксфорд каби олийгоҳлар қандай қилиб бу қадар машҳур бўлгани, улар қай тариқа иқтисодий мустақилликка эришгани ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, барчаси сифатли таълим сабаб:

«Сиз санаган университетларга ўқишга кириш осон, лекин уларни битириш қийин. Уларнинг бугунги каби ном қозонишига сабаб таълим сифати. Бу олийгоҳлардаги ўқитувчилар дарсга ҳаётининг энг муҳим лаҳзаси каби қараб бир соат лекция ўқиш учун уч соат тайёрланишади. Тасаввур қилинг, улар 10 минглаб одамларга лекция ўқишади. Бу лекция давомида 1 000 бетлик маълумотлар бир соатда тингловчиларга етказилади.

Бизда эса ўқитувчилар 20-30 соатлаб дарсга киради. Бир соат лекцияга уч соат тайёрланиш керак бўлса, 60 соат вақт кетади. Ўзи ҳафтада 50 иш соати бўлса, ўқитувчи бунча лекцияга қандай тайёрлансин? Уларда фақат дарсга киришга вақт қоляпти холос. Ҳарвард қандай Ҳарвард бўлган деган саволга шундай жавоб бериш мумкин: сифат, масъулият, рақобат сабаб».

Motorola ва Nokia қандай қилиб Apple ва Samsung билан рақобатга дош бера олмади?

Акбаров туризм университети ривожланишдан тўхтамаслиги кераклигини айтиб, бунга жонли мисоллар келтирди:

«Университетимиздаги ўқитувчиларнинг 70 фоизи хорижлик. Юқорида айтганимдек бизда таълим инглиз тилида ташкил этилган. Мутахассисларимиз асосан туризм соҳаси билимдонлари. Масалан, туризмда ишлатиладиган бизнес инглиз тили мутахассиси талабаларимизга дарс беряпти. Шунингдек, Тайван, Япония, Испанияда ишлаб юрган ўзбекистонлик педагогларни ҳам жалб қилдик. Бизнинг ғоямиз Оксфордга бормай туриб ўзимизда оксфордча таълим сифатини шакллантириш.

Албатта, сифатли таълим учун яхши бино керак бўлади. Бизга Самарқанддаги машҳур университет хиёбонида жойлашган собиқ СамДУ лицейи биноси берилган. Насиб бўлса, февралда ўша янги бинода ўқишни бошлаймиз. Бу оддий бино эмас, «smart campus» (ақлли бино) бўлади. Бино охирги авлод техникалари билан жиҳозланади ва у ерда ҳужжатлар онлайн тўлдирилади.

Биз доим замон билан бирга ривожланишимиз керак. Ўз вақтида жуда машҳур бўлган Motorola, Nokia телефонлари рақобатда Apple, Samsung телефонларига ютқазди. Чунки улар замон билан бирга ривожлана олмади. Худди шундай, биздаги босма нашрлар ҳам рақобатда интернет сайтларига ютқазди. Университетлар ҳам замон билан бирга ривожланиши керак».

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди

Дополнительная информация

Aloqalar

140104, O’zbekiston Respublikasi, Samarqand shahri, Universitet xiyoboni, 17

Ijtimoiy tarmoqlar